Дарсликларнинг электрон шаклидан онлайн фойдаланиш имкони яратилди

Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қулайлик яратиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2018-2019 ўқув йилида 1-11 синфларга мўлжалланган дарсликларнинг электрон шакллари www.eduportal.uz ахборот-таълим порталига жойлаштирилди.

Дарслик муаллифлари мутахассисларнинг фикрларини билиши ва келгусида дарсликларни такомиллаштириш ва яхшилаш мақсадида, ушбу порталда босқичма-босқич ҳар бир дарслик бўйича шарҳ бериш имконияти берилади.

Шу билан бирга, дарсликларни тайёрлаш ва жойларга етказиш билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилганда, бир қатор муаммолар аниқланган, жумладан:

1. Дарсликларнинг нашр этиш жараёни нотўғри режалаштирилиши ва жойларга етказиб бериш муддатларининг қисқалиги, уларнинг сифатига ва ўз вақтида етказилишига салбий таъсир кўрсатган.

2. Муаллифлар билан ишлаш ва оригинал дарсликларни тайёрлашдаги қийинчиликлар.

3. Дарсликларни муддатида чоп этилмаганлиги туфайли, нашриётлар билан шартнома муддатларининг узайтирилиши.

4. Логистика муаммолари.

Шу муносабат билан, ўтган ўқув йилининг бошига қадар дарсликларнинг умумий сонидан 47 фоизи етказилган, қолган қисми эса бутун ўқув йили давомида (май ойига қадар) етказиб берилган.

Ўтган давр мобайнида халқ таълими вазирлигининг мутахассислари дарсликларнинг белгиланган муддатда жойларга, жумладан, чекка ҳудудларга етказиб беришни оптималлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар рўйхатини ишлаб чиқдилар. Амалга оширилган ишлар натижасида, муҳим ютуқларга эришилди. Бугунги кунда дарсликларнинг 94 фоизи таълим муассасаларига топширилди. Мактаблардаги режалаштирилган ўқувчилар сони ва ҳақиқий ўқувчилар сонидаги фарқ туфайли, ҳозирги кунда баъзи бир дарсликларнинг мактаблардан мактабларга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар куни вазирлик мутахассислари, юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича иш олиб боришмоқда. Шу муносабат билан, дарсликларнинг етишмаслиги ҳолатлари юзага келганда, вақтинча уларнинг электрон шаклидан фойдаланишингизни сўраймиз. Шунингдек, уларнинг электрон шаклидан чоп этишингиз ҳам мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Таълим муассасаларида  “Тарбиявий соатлар”, “Эрталабки сафланиш” “Маънавият кунлари” да маънавий-маърифий тарғибот ишларини мазмунли  ташкил этиш бўйича ТАВСИЯ

Таълим муассасаларида  “Тарбиявий соатлар”, Эрталабки сафланиш” “Маънавият кунлари” да маънавий-маърифий тарғибот ишларини мазмунли  ташкил этиш бўйича

ТАВСИЯ

 

Мустақилликка эришганимиздан кейин халқимизнинг ўз юрти, тили, маданияти, қадриятлари тарихини билишга, ўзлигини англашга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу – табиий ҳол. Одамзод борки, авлод-аждоди кимлигини, насл-насабини, ўзи туғилиб вояга етган Ватаннинг тарихини билишни истайди.

Бу қадимий ва табаррук тупроқдан буюк алломалар, фозилу фузалолар, олиму уламолар, сиёсатчилар, саркардалар етишиб чиққан. Диний ва дунёвий илмларнинг асослари мана шу заминда яратилган, сайқал топган.

Ҳар қайси инсон мен шу миллат фарзанди эканман, менинг аждодларим кимлар бўлган, миллатимнинг ибтидоси қайда, унинг оёққа туриши, тикланиш, шаклланиш жараёни қандай кечган, деган саволларни ўзига бериши табиий. Бу миллат кишилик тараққиётига ўзининг ўчмас улушини қўшган, мамлакатимиз шуҳратини оламга таратган, тарих саҳифаларига абадул-абад муҳрланган. Заминимиз азалдан буюк алломалар, мутафаккирлар, ўз замонасидан ўзиб кетган даҳолар юрти бўлиб келган. Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Мансур Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Абулмуин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий… номларининг ўзи бир китоб бўлади. Бири калом илми устози, бири фалак тоқига нарвон қўйган забардаст олим, бошқаси амалий тиббиёт отаси, бири калом илми дурдонаси, яна бири муҳаддислар султони.          

Таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида тарбиявий соатлар, эрталабки сафланиш, маънавият кунларида “Бухорий аждодлари”, “Марғиноний авлодлари”, “Мотуридий авлодлари”, “Нақшбанд авлодлари”, “Ислом сивилизация билимдони” шиори остида очиқ дарсларни ўтишда умумтаълим мактаб ўқувчиларини ватанпарварлик эътиқодини шакллантиришнинг энг муҳим асосларидан бири – ёшларда Ватан, унинг моҳияти, инсон ҳаёти ва фаолияти учун аҳамияти ҳақида тушунча ҳосил қилишдир. Ватанни севмоқ учун даставвал унинг маъносини, тарихини, тақдири ва истиқболини чуқур англаб етмоқ керак.

Ислом оламида ўзига хос алоҳида ҳурмат ва эътиборга сазовор, мусулмон юртлари ичида бизга фахр бағишловчи буюк аждодларимиздан бири бу шубҳасиз Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларидир. Бу зотнинг илм йўлида чеккан риёзатлари, ҳадис илмининг ривожига қўшган ҳиссалари ҳамда яратган асарлари бутун дунёда тиллардан-тилларга достон бўлган. Ислом динининг биринчи муқаддас манбаси бўлмиш Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами ҳам шу улуғ зотнинг кўп йиллик илмий фаолиятлари ва бу йўлдаги ихлослари, ислом умматига нисбатан тутган холис ёндашувлариннг маҳсулидир. Имом Бухорийдек зот ҳақида кўп гапириш мумкин, кўп гапирилган ҳам, бундан кейин ҳам гапирилади. Зеро ўрта асрлар шароитида бир миллионга яқин ҳадисни дунё бўйлаб тарқалиб кетган минглаб ровийлардан бирма-бир ёзиб олиб, текшириб, таснифлаб китоблар таълиф этиш бугунги техника ва кенг имкониятлар асрида ҳам ҳеч кимга насиб этмаётган буюк хизмат ва шарафдир. Бу буюк муҳаддис ровий ва иснодлари билан ёддан билган шунча ҳадислардан 7,5 мингга яқинини ўз “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби эса ислом оламида энг ишончли ҳадис тўплами ҳисобланади.

Истиқлол шарофати билан Бухорийнинг ўлмас мероси элюрти бағрига қайтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори (1997 йил 29 апрел) асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар қилинди. 1998 йил 23 октябрда Самарқандда юбилей тўйтантаналари бўлиб ўтди. Аллома абадий қўним топган Челак туманидаги Хартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди.

Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ташаббуси билан Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси тузилди (1998 йил 4 ноябр; раиси Зоҳидилло Мунавваров). Жамғарманинг асосий вазифаси Қуръони карим ва Бухорийнинг «ал-Жомиъ ас-саҳиҳ»и таржималарининг академик нашрларини тайёрлаш, буюк исломшунослар илмий меросини тадқиқ этиш, диний-фалсафий мавзуларда илмий анжуманлар ўтказиш ва шулар ёрдамида ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. 2000 йилдан бошлаб мазкур жамғарма ўзининг маънавий-маърифий, илмий-адабий «Имом ал-Бухорий сабоқлари» журналини нашр эта бошлади. Журнал халқимизни миллий-маънавий меросимиздан баҳраманд этиш, миллий, диний қадриятларнинг соғлом идрок этилишига ёрдам беришни уз олдига максад қилиб қўйган. Ўзбекистонда Бухорийнинг хотираси муносиб тарзда абадийлаштирилган.

Тошкент Ислом институтига Бухорий номи берилган. Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб бир неча тилларда китоб-албом, 2 қисмли филм (1995), «Ҳадис илмининг султони» 4 қисмли киноқисса (1998) яратилган.

Бугунги кунда Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий мерослари ва у зотнинг ислом оламида тутган бемисл ўринларини кенг жамоатчиликка танитиш ишларига доир Президент ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида” 2855-сонли Қарори бунинг яққол мисоли бўла олади.

Мазкур қарордан кўзланган мақсад буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг бой мероси, у зотнинг жаҳон сивилизатсияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Ўзбекистоннинг куч-қудрати манбаи–халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлиги, улуғ аждодларимиздан авлодларга ўтаётган маънавий мероснинг кучлилигида, фуқароларимизнинг эл-юртга, она заминга битмас-туганмас меҳрида, миллий ғуруримизда.

Юртимизда тарихий шахслар, шаҳарлар, маданий ёдгорликларнинг юбилей ва байрамларини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Бу ерда гап тантанадагина эмас, муҳими, биз уларнинг ўз даврида келажак авлодлар учун қолдирган салмоқли мероси, ижобий ишлари, керак бўлса, умумжаҳон сивилизатсиясига қўшган ҳиссаларини қадрлаймиз. Албатта, ҳар бир миллат ўз аждодларини эслаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга интилади.

Яна шундай аждодларимиздан Буюк фақиҳ, имом Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ ва таълимоти асосида ўрганилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг унинг илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, асарларини чоп этиш ишларига катта эътибор берила бошланди. Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги (1997), таваллудининг 910 йиллиги (ҳижрий сана бўйича) (2000) кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.

7-синфда Ўзбекистон тарихи дарслигида Ўрта Осиёлик мутафаккирлар. Илм-фан равнақи мавзусида ( 20-дарс). Калом илми равнақига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

Mustaqillik sharofati bilan diniy qadriyatlarimiz tiklanayotgan Vatanimizda 2000 yil npyabrda Imom al-Moturidiy tavalludining1130 yilligi nishonlandi. Samarqandda al-Moturidiy xotirasiga bag`ishlangan yodgorlik majmui barpo etildi, asarlari o`zbek tilida nashr etildi.

Халқ орасида «Балогардон» (яъни дуо билан балоқазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур бўлган Баховуддин Нақшбанд ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдуҳолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимотининг асосида «Дил-ба ёр-у, даст-ба кор» («Кўнгил худода бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин») деган шиор ётади.

Баховуддин Нақшбанд таваллудининг  1993 yil 675 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Баховуддин Нақшбанд таълимотини ўрганишга аҳамият кучайди. Бухоро давлат уриверситети ҳузурида «Нақшбандия» илмий маркази иш бошлаган. У ерда тасаввуфий-ирфоний меросни тадқиқ этиш йўлга қўйилди. Бухоро давлат музей-қўриқхонасида ҳам «Нақшбандия» маркази тузилди.

Ўрта асрлар даврида дунё ҳамжамиятига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларнинг меросини ўрганиш умумтаълим мактабларида алломаларнинг яънада чуқурроқ ўргатиш юзасидан таълим муассасаларида  “Тарбиявий соатлар”, “Ерталабки сафланиш” “Маънавият кунлари” да маънавий-маърифий тарғибот ишларини мазмунли  ташкил этиш учун

  • таълим муассасалари фаелари ва синфхоналарда буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижодидан намуналар акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этиш;
  • туман ва шаҳарларнинг ҳар бир таълим муассасаси кесимида Ўзбекистон тарихи фани доирасида улуғ алломаларнинг ўрганиш, дарс жараёнида тадбиқ этилиши бўйича  муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишнинг изчил тизимини жорий қилиш;
  • Ўзбекистон тарихи фани орқали ўқувчиларимизнинг улуғ алломалар ва ислом дини маънавиятини юксалтиришда тарихий манба ва адабиётларнинг ўрни аҳамиятлилиги муносабати билан мактаб кутубхоналари учун ва фан ўқитувчилари учун “Алломалар тарихи”журналини яратиш;
  • маънавий-маърифий ишлар бўйича алоҳида ютуқларга эришган таълим муассасалари ва педагог ходимлар тажрибасини оммалаштириш, уларни маънавий ва моддий рағбатлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш;
  • ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида тадбирлар доирасида Ўрта асрлар Турон заминда етишиб чиққан ва дунё ҳамжамиятига ўзининг илмий мероси орқали улкан ишларни амалга оширган алломалар ҳақида илмий, бадиий асарлардан фойдаланишнинг интерактив усулларини излаб топиш орқали ўқувчиларда китобга муҳаббат уйғотиш;
  • тарбиявий соатлар, эрталабки сафланиш, маънавият кунлари машғулотлари давомида ўқувчиларда  ватанпарварлик, маънавий қадриятлар, умуминсоний-ахлоқий  фазилатларни  шакллантириш;
  • барча таълим муассасаларида алломаларнингнинг таваллуд кунларига бағишлаб “Ўз тарихимизни ўрганамиз” мавзусида адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари ташкил этиш;
  • Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ва вазирлик тасарруфидаги Республика таълим муассасалари ўқувчиларини жалб этган ҳолда буюк алломалар ижодига бағишланган “Буюкларни ёд этиб” мавзусидаги ижодий учрашувларни ташкил этиш;
  • умумтаълим мактабларида “Аждодлари улуғ юрт фарзандиман”, “Аждодларга муносиб авлод бўлайлик”,” Бобокалонларимиз ижоди – миллий, маънавий хазинамиз” мавзуларида диктантлар, ижодий баёнлар ва деворий газеталар танловини ташкил этиш;
  • буюк алломаларнинг исми билан боғлиқ жойларга ўқувчилар ташрифини уюштириш;
  • ўқувчи-ёшлар қалби ва онгида турли ғоявий-информатсион таҳдидларга нисбатан маънавий иммунитетни шакллантириш, миссионерликнинг олдини олиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ва профилактик тушунтириш ишларини амалга ошириш;
  • Таълим муассасалари раҳбарияти, ўқитувчи-мураббийлар, Бошланғич ташкилот етакчилари ва синф раҳбарлари томонидан режалаштирилган маданий-маърифий тадбирларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар ўртасида кенг ёритиб бориш ва кутилаётган натижа ҳақида аниқ маълумот бериш.
  • Тадбирларни ўқувчиларнинг ёши, бўш вақти ва дарс жараёнига таъсир қилмаган ҳолда дарсдан олдин ёки дарсдан кейин ташкил этишни инобатга олиб режалаштириш.
  • Тадбирлар орқали ўқувчиларнинг истеъдоди ва қобилиятларини очиш, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.
  • Ҳар ҳафта давомида “Бухорий авлодлар”, “Марғиноний авлодлари”, “Нақшбанд авлодлари”, “Ислом сивилизатсия билимдони” очиқ дарслари янада қизиқарли, мазмумли бўлиши учун қўшимча манбалар (интернет, адабиёт, газета ва журналлар, фото)дан кенг фойдаланган ҳолда тайёрланади, реферат шаклида умумлаштирилади ҳамда “Ерталабки сафланиш” тадбирларида “Буюк алломаларимиз” “Ислом сивилизация билимдони” (ўзбек, рус, чет тилларида)ни бериб бориши синф раҳбарлари масъуллигида амалга оширилади.
  • Синф раҳбари томонидан ўқувчилар тайёрлаган рефератлар жамланади, ҳар ҳафта ҳамда ўқув йили якуни бўйича ўқувчиларнинг алломалар ҳамда ислом сивилизация ҳақидаги фаол қатнашиши шу билан биргаликда маълумотларни бериб боришдаги иштироки кундалик дафтарларига қайд этиб борилади.
  • Синф раҳбарлари томонидан ҳар ҳафта “Тарбиявий соатлар”да ўқувчиларнинг тайёрлаган “Бухорий авлодлар”, “Марғиноний авлодлари”, “Нақшбанд авлодлари”, “Ислом сивилизация билимдони” очиқ дарслар учун тайёрлаган матриаллари атрофлича муҳокама қилинади ва амалий кўмак берилади.
  • Шу билан бирга, “Ота-оналар мажлислари” ва Жамоат кенгаши йиғилишларида фаол ўқувчилар эътироф этилади (ўқувчи ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилади, ота-онасига миннатдорчилик билдирилади, маънавий ёки моддий рағбатлантирилади).

Биздан мангу қоладиган нарса–Ватан шону шуҳрати, қудрати ва салоҳиятининг юксалиши учун ўзимизнинг фидойи меҳнатимиз билан муносиб ҳисса қўшишдир.

Ватанимиз истиқлолини янада мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш, юртимиз шаъни-шавкатини юксалтириш, адолат, инсоф ва диёнат ҳукмрон бўлган эркин жамият, меҳнаткаш халқимизга муносиб фаровон ҳаёт қуриш бизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиздир.

Биз орзу этган буюк давлатни бунёд қилиш барчамиздан мустаҳкам ирода, иймон-эътиқод, миллий ғурур туйғуси, буюк аждодларимиздан мерос қолган маънавий бисотга эга бўлишни талаб қилади. Билакларимизда куч, қалбларимизда келажакка ишонч бўлмоғи шартдир.

Юқорида кўрсатиб ўтилган тавсияларга ижодий ёндашган ҳолда қўшимчалар киритиш мумкин.

 

Республика Таълим маркази

 

 

 

“Boshlang‘ich sinflarda ingliz tilini o‘qitish” mavzusida davra suhbati

Multimedia umumta’lim dasturlarini rivojlantirish markazida “Boshlang‘ich sinflarda ingliz tilini o‘qitish” mavzusida davra suhbati bo‘lib o‘tdi. Xalq ta’limi vazirligi hamda O‘zbekistondagi Britaniya Kengashi hamkorligida tashkillashtirilgan tadbirda turli vazirlik va idora vakillari, umumta’lim maktablari rahbarlari va chet tili o‘qituvchilari ishtirok etdi.
Anjumanda so‘zga chiqqanlar Prezidentimizning “Chet tillarni o‘rganish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi qarori asosida olib borilayotgan ishlar va yangiliklar xususida alohida to‘xtalib o‘tdi. 3-sinf o‘quvchilari uchun nashrga tayyorlanayotgan “Kids’ English” darsligi mualliflari o‘quv qo‘llanmaning qulaylik va afzalliklari haqida fikr bildirdi. Shuningdek, davra suhbatida boshlang‘ich sinflarda ingliz tilini o‘qitishning samarali usullari, pedagoglarning uzluksiz kasbiy malakasini oshirish, o‘quvchilar bilimlarini baholash mezonini o‘rganish masalalari tahlil etildi. Batafsil »

Qo‘llanmalarni joylarga yetkazish tartibi tasdiqlandi

Xalq ta’limi vazirligi tomonidan «Sog‘lom bola yili» Davlat dasturiga asosan maktabgacha ta’lim muassasalariga qamrab olinmagan bolalarni maktabga tayyorlashga mo‘ljallab chop etilgan besh nomdagi («Nutq o‘stirish, o‘qish va savodga tayyorgarlik», «Matematik tasavvurlarni shakllantirish», «She’riy asarlar to‘plami», «Nasriy asarlar to‘plami», «Sog‘ tanda — sog‘lom aql») qo‘llanmalarning joylarga yetkazilishi va ulardan oilalarning foydalanishini ta’minlash tartibi tasdiqlandi. Xalq ta’limi vazirligining maktabgacha ta’lim muassasalari bo‘limi boshlig‘i Sabohat Mirjalilova bilan suhbatimiz shu xususda bo‘ldi. Batafsil »

Халқ таълим вазирлиги мактабларга ҳомийлик маблағларини жалб қилиш учун шаффоф платформани ишга туширди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2018-2021 йилларга мўлжалланган Халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбири дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йил 29 сентябрь куни Ўзбекистонда илк бор “Краудфандинг” (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилди.

Шу муносабат билан, Ёшлар пресс-клубида ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди. Ушбу платформа орқали жамланган маблағлар мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бир восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради.

Mfond жамоатчилик хайрия жамғармасининг тақдимоти 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”ни нишонлаш доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади.

Mfond ҳомийлик платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, мактабнинг собиқ ўқувчилари мактабларга ҳомийлик қилишлари мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click маҳаллий тўлов тизимлари ва халқаро Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.

Таъкидлаш керакки, ҳомийлар маблағларни маълум бир мактаб ҳисобига ёки умумий жамғарма ҳисобига ўтказиб беришлари мумкин.

Жамғарма ҳисобидан лабораториялар, ақлли синфлар ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун маблағлар йўналтирилади.

Лойиҳа раҳбари Рустам Каримжонов сўзларига кўра: “Ўзбекистонда бугунги кунда 10 мингга яқин мактаб фаолият юритмоқда, уларнинг 60 фоизини моддий-техника базаси мустаҳкамланиши керак. Ўзбекистондаги мактабларнинг фақат 37 фоизи компьютер синфига эга бўлиб, уларнинг 7 фоизи Интернет тармоғига уланган. Ҳукуматимиз томонидан мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун маблағлар ажратилмоқда. Аммо қисқа вақт ичида белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳомийларни жалб қилиш лозим бўлади”.

“Краудфаундинг тизимидан фойдаланган ҳолда, биз мактаблардаги шарт-шароитларни яхшилаш, фарзандларимизнинг таълим олишлари ва ҳар томонлама ривожланишлари учун қулай шароитлар яратиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Бу мактаблар учун бир воситадир. Мазкур платформа ёрдамида улар маблағларни жалб қилишда ва сарф этишда шаффофлик ва ҳисоботлилигини таъминлайдилар. Тизим тўлиқ шаффоф. Фонднинг ишини тўлиқ ошкоралигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда олинган маблағлар ва улардан қандай фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бериб борилади”, — деди у.

“Биз барча юртдошларимизни фарзандларимизнинг таълим олишига ва улар учун ёрқин келажак яратишга ўз ҳиссаларини қўшишда бефарқ бўлмасликка чақирамиз”, — деб таъкидлади Каримжонов.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Batafsil »